Runtime (0.00522 seconds)
#32

Interpretation of ( Al-Anbiyaa 87 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. (Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнусни алайҳиссалом денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташланган. Шунинг учун Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари Ас-Саффот сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, «зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».) ] - Interpretation of ( Al-Anbiyaa 87 )

[ وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ ] - الأنبياء 87

#33

Interpretation of ( Al-Anbiyaa 44 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Балки Биз уларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдик, ҳатто уларга умр узун кўринди. Улар ерга келиб, уни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Ғолиб келгувчи уларми? (Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги ушбу жумла маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдирганлар. Қадимги тафсирчиларимиз, ернинг атрофидан қисқартирилиши–куфр ерлари қисқариб Ислом ерлари кенгайиб бориши, деганлар. Мужоҳид ва Икрималар (р. а.), ернинг атрофидан қисқариши–хароб бўлиши, дейишган. Ал-Афвий Ибн Аббосдан (р. а.) қилган ривоятда эса, баракасининг қисқариши, дейилган. Аш-Шаъбий, агар ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради, деган. Икрима (р. а.) ҳам, агар ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир, деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса, роҳат-фароғатда яшаган, ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар баҳрамандликдан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида, нуқсонга дучор қилинишлари–қисқартирилишларидир, дейдилар. Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб маъно айтган бўлади.) ] - Interpretation of ( Al-Anbiyaa 44 )

[ بَلْ مَتَّعْنَا هَؤُلَاءِ وَآبَاءَهُمْ حَتَّى طَالَ عَلَيْهِمُ الْعُمُرُ أَفَلَا يَرَوْنَ أَنَّا نَأْتِي الْأَرْضَ نَنْقُصُهَا مِنْ أَطْرَافِهَا أَفَهُمُ الْغَالِبُونَ ] - الأنبياء 44

#34

Interpretation of ( An-Nisa' 58 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир. (Омонатни турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с. а. в.) қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатни изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.) ] - Interpretation of ( An-Nisa' 58 )

[ إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا ] - النساء 58

#35

Interpretation of ( An-Nur 35 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилур. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Суранинг номи ушбу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур» ояти деб ҳам номланади. Оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. Бу жумлани баъзи уламоларимиз, «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилгувчидир», деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса, «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтиргувчидир», деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни, борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир. «Нур» сўзи аслида ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғуликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади-кўрсатади.) ] - Interpretation of ( An-Nur 35 )

[ اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ ] - النور 35

#36

Interpretation of ( An-Nur 61 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Кўзи ожизга гуноҳ-танглик йўқдир. Чўлоққа гуноҳ-танглик йўқдир. Беморга гуноҳ-танглик йўқдир. Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё ака-укаларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (гуноҳ-танглик) йўқдир. Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда емоқликда ҳам гуноҳ-танглик йўқдир. Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки ақл юритсангиз. (Ушбу ояти кариманинг аввалида кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишиларга нимада гуноҳ бўлмаслиги, танглик йўқлиги ҳақида муфассир уламоларимиз ихтилоф қилишган. Бир гуруҳлари, уларнинг жиҳодга чиқмай қолишларида гуноҳ ва танглик йўқ, дейдилар. Бошқалари, бу ерда эса, сўз жиҳод ҳақида эмас, балки айнан таом емоқ ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳам мазкур жумлани «таом ейишда уларга гуноҳ ва танглик йўқ», деб тушунмоқ керак, дейдилар ва бу фикрларини тасдиқловчи ривоятларни келтирадилар. Иккинчи тоифа муфассирларнинг фикрлари кучлироқдир. «Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади. Ойиша онамиздан Имом аз-Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (с. а. в.) билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйлари калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ ҳам изн берган.) ] - Interpretation of ( An-Nur 61 )

[ لَيْسَ عَلَى الْأَعْمَى حَرَجٌ وَلَا عَلَى الْأَعْرَجِ حَرَجٌ وَلَا عَلَى الْمَرِيضِ حَرَجٌ وَلَا عَلَى أَنْفُسِكُمْ أَنْ تَأْكُلُوا مِنْ بُيُوتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ آبَائِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أُمَّهَاتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ إِخْوَانِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أَخَوَاتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أَعْمَامِكُمْ أَوْ بُيُوتِ عَمَّاتِكُمْ أَوْ بُيُوتِ أَخْوَالِكُمْ أَوْ بُيُوتِ خَالَاتِكُمْ أَوْ مَا مَلَكْتُمْ مَفَاتِحَهُ أَوْ صَدِيقِكُمْ لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَأْكُلُوا جَمِيعًا أَوْ أَشْتَاتًا فَإِذَا دَخَلْتُمْ بُيُوتًا فَسَلِّمُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ ] - النور 61

#37

Interpretation of ( An-Nisa' 12 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг–агар уларнинг боласи бўлмаса–ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг–агар болангиз бўлмаса–чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда ҳалийм зотдир. (Агар бефарзанд эр ўлиб, ортидан хотини қолса, мероснинг чорагини олади. Аммо ўлган эрнинг ўғилми, қизми, ўзми-ўгайми, яъни, бошқа хотиниданми, кўпми, озми фарзанди бўлса, хотинга мероснинг саккиздан бири тегади. Бу ҳам васиятни ёки олинган қарзни адо этгандан кейин бўладиган тақсим. Меросхўр хотин битта бўлса, мазкур чорак ёки саккиздан бир улушни ўзи олади. Агар иккита, учта ёки тўртта бўлсалар, ўша чорак ёки саккиздан бирда шерик бўладилар. Ояти каримадаги: «Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса», жумласини, хусусан, «калола» сўзини бир оз шарҳлашга тўғри келади. Бу ҳақда уламоларимиз ҳам анча баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда «калола» сўзининг маъносини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг муродифи йўқ. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳудан одамлар «калола» ҳақида сўрашганида: «У тўғрисида ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола–зурриёти ва аждоди йўқ одамдир», дедилар. Яъни, ўлган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ бўлган одам, демакдир. Ҳазрати Умар (р. а.) ҳам ўз халифалик вақтларида: «Абу Бакрнинг фикрига хилоф қилишдан уяламан», деганлар. Тўрт маҳзаб соҳиблари ҳам, аввал ўтган, кейин келган уламолар ҳам шу фикрга қўшилганлар.) ] - Interpretation of ( An-Nisa' 12 )

[ وَلَكُمْ نِصْفُ مَا تَرَكَ أَزْوَاجُكُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُنَّ وَلَدٌ فَإِنْ كَانَ لَهُنَّ وَلَدٌ فَلَكُمُ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْنَ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِينَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ وَلَهُنَّ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْتُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَكُمْ وَلَدٌ فَإِنْ كَانَ لَكُمْ وَلَدٌ فَلَهُنَّ الثُّمُنُ مِمَّا تَرَكْتُمْ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ تُوصُونَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ وَإِنْ كَانَ رَجُلٌ يُورَثُ كَلَالَةً أَوِ امْرَأَةٌ وَلَهُ أَخٌ أَوْ أُخْتٌ فَلِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ فَإِنْ كَانُوا أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ فَهُمْ شُرَكَاءُ فِي الثُّلُثِ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصَى بِهَا أَوْ دَيْنٍ غَيْرَ مُضَارٍّ وَصِيَّةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَلِيمٌ ] - النساء 12

#31

Interpretation of ( Az-Zumar 6 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?! (Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни она қорнида уч зулмат ичида яратганининг хабарини бермоқда. Уч зулмат нима? Тафсирчи уламоларимиз бу саволга, уч зулматнинг бири ҳомилани ўраб турувчи парда, иккинчиси бачадон, учинчиси қорин, деб жавоб берганлар. Илмий тараққиёт бу жавобни яна ҳам аниқлаштирди. Мутахассис олимлар ўтказган текширишлардан ҳомилани ўраб турувчи парда уч қават экани маълум бўлди. Аллоҳ таолонинг: «оналарингиз қорнида уч зулмат ичида», дегани бежиз эмас экан. Қориннинг ичида уч зулмат, уч қават пардани яратган ким? Нима учун бир эмас, икки эмас ёки тўрт эмас, айнан уч қават? Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далил эмасми?) ] - Interpretation of ( Az-Zumar 6 )

[ خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ ثُمَّ جَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَأَنْزَلَ لَكُمْ مِنَ الْأَنْعَامِ ثَمَانِيَةَ أَزْوَاجٍ يَخْلُقُكُمْ فِي بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ خَلْقًا مِنْ بَعْدِ خَلْقٍ فِي ظُلُمَاتٍ ثَلَاثٍ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ فَأَنَّى تُصْرَفُونَ ] - الزمر 6