Masa Jalan (0.00658 saat)
#81

Tafsiran ( Al-Baqarah 212 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қиладилар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ беради. (Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди–шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт–охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни, қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.) ] - Tafsiran ( Al-Baqarah 212 )

[ زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُوا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَيَسْخَرُونَ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ اتَّقَوْا فَوْقَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ ] - البقرة 212

#82

Tafsiran ( Al-FatH 10 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (аҳдни) бузса, ўзига қарши бузади, холос. Ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур. (Ҳудайбия сулҳидаги байъат пайтда Расули акрам алайҳиссалом хурмо дарахти остида ўтирган бўлганлари учун ҳам бу кунни «шажара (дарахт) куни» деб, байъатни эса «дарахт остидаги байъат», деб аталган. Саҳобалардан Маъқал ибн Ясар розийаллоҳу анҳу: «Дарахт куни» Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг байъатини қабул қилар эдилар, мен эса у кишининг бошларида бир шохни кўтариб турар эдим, ўшанда бир минг тўртюз киши эдик», деганлар. Ҳар бир саҳобий Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларини тутиб туриб, уруш бўлиб қолса қочиб кетмаслик, дин йўлида жон фидо қилишга аҳду паймон берган. Ушбу ҳолатни Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга қўл бериб, аҳду паймон қилишни Аллоҳ таолога аҳду паймон қилишбайъат қилишдан ўзга нарса эмас, деб тушунтирмоқда.) ] - Tafsiran ( Al-FatH 10 )

[ إِنَّ الَّذِينَ يُبَايِعُونَكَ إِنَّمَا يُبَايِعُونَ اللَّهَ يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ فَمَنْ نَكَثَ فَإِنَّمَا يَنْكُثُ عَلَى نَفْسِهِ وَمَنْ أَوْفَى بِمَا عَاهَدَ عَلَيْهُ اللَّهَ فَسَيُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا ] - الفتح 10

#83

Tafsiran ( Al-Ma'idah 48 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ва Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил қилдик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Ўзингга келган ҳақни қўйиб, уларнинг хоҳишларига эргашма. Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳ ҳузурида. Бас, ўшанда ихтилоф қилган нарсаларингиз ҳақида хабар берадир. ( Қуръон, ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан тушган. Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этади. Яъни, Қуръони Карим ўзидан олдинги китобларда келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий китоб, шунинг учун ҳам олдинги китобларга ҳақиқий баҳони у беради. Қуръони Карим охирги китоб бўлгани учун ҳам ҳамма таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.) ] - Tafsiran ( Al-Ma'idah 48 )

[ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ الْكِتَابِ وَمُهَيْمِنًا عَلَيْهِ فَاحْكُمْ بَيْنَهُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ عَمَّا جَاءَكَ مِنَ الْحَقِّ لِكُلٍّ جَعَلْنَا مِنْكُمْ شِرْعَةً وَمِنْهَاجًا وَلَوْ شَاءَ اللَّهُ لَجَعَلَكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَلَكِنْ لِيَبْلُوَكُمْ فِي مَا آتَاكُمْ فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ إِلَى اللَّهِ مَرْجِعُكُمْ جَمِيعًا فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ فِيهِ تَخْتَلِفُونَ ] - المائدة 48

#84

Tafsiran ( Hud 7 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар. (Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару ерни олти кунда яратган зотдир. Бу ҳақда ўтган Юнус сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, Аллоҳнинг арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда: Демак, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган вақтда унинг арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг арши бор экан. Ўша пайтда бу арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни бехуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.) ] - Tafsiran ( Hud 7 )

[ وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ وَكَانَ عَرْشُهُ عَلَى الْمَاءِ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَلَئِنْ قُلْتَ إِنَّكُمْ مَبْعُوثُونَ مِنْ بَعْدِ الْمَوْتِ لَيَقُولَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ مُبِينٌ ] - هود 7

#85

Tafsiran ( Ghafir 78 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик. Ҳеч Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Бас, қачонки Аллоҳнинг амри келганида, ҳақ ила ҳукм чиқарилур ва ўшанда ботил иш қилиб юргувчилар зиён тортурлар. (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в.) ва у зотнинг умматларига ўтган Пайғамбарлардан йигирма тўрттасининг қиссасини айтган. Ўша қиссаларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқилди. Уларнинг ҳаммасида кофирлар томонидан Пайғамбарларга (алайҳимуссалом) ва мўминларга турли озорлар берилгани, азоб-уқубатлар ёғдирилгани ҳақида турли маълумотларга эга ҳам бўлинди. Яна Қуръони Каримда қанчадан-қанча қиссалари келмаган Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ўтган бўлиб, улар ҳам қийинчилик, озор ва машаққатларга дучор бўлганлар. Пайғамбарлар ўз ҳолларича одамларга мўъжиза кўрсатиб, уларни лол қолдиришга уринган эмас. Чунки бу уларнинг иши эмас. Уларнинг иши Аллоҳнинг таълимотларини халққа етказишдир. Мўъжиза кўрсатиш эса, Аллоҳга хос ишдир. У зот Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган Пайғамбарига мўъжизани ва уни кўрсатиш изнини беради. Бошқа вақтларда Пайғамбарлар мўъжиза кўрсатиш ҳақида ташвиш қилишлари керак эмас.) ] - Tafsiran ( Ghafir 78 )

[ وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ مِنْهُمْ مَنْ قَصَصْنَا عَلَيْكَ وَمِنْهُمْ مَنْ لَمْ نَقْصُصْ عَلَيْكَ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَنْ يَأْتِيَ بِآيَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ فَإِذَا جَاءَ أَمْرُ اللَّهِ قُضِيَ بِالْحَقِّ وَخَسِرَ هُنَالِكَ الْمُبْطِلُونَ ] - غافر 78

#86

Tafsiran ( Al-Hajj 5 ) dalam Uzbek oleh Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топдирамиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарамиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қиламиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрасан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканар ва кўпчир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир. (Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди. Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Ҳомила ривожланиб, алақа-лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!) ] - Tafsiran ( Al-Hajj 5 )

[ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنْ كُنْتُمْ فِي رَيْبٍ مِنَ الْبَعْثِ فَإِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ مِنْ عَلَقَةٍ ثُمَّ مِنْ مُضْغَةٍ مُخَلَّقَةٍ وَغَيْرِ مُخَلَّقَةٍ لِنُبَيِّنَ لَكُمْ وَنُقِرُّ فِي الْأَرْحَامِ مَا نَشَاءُ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى ثُمَّ نُخْرِجُكُمْ طِفْلًا ثُمَّ لِتَبْلُغُوا أَشُدَّكُمْ وَمِنْكُمْ مَنْ يُتَوَفَّى وَمِنْكُمْ مَنْ يُرَدُّ إِلَى أَرْذَلِ الْعُمُرِ لِكَيْلَا يَعْلَمَ مِنْ بَعْدِ عِلْمٍ شَيْئًا وَتَرَى الْأَرْضَ هَامِدَةً فَإِذَا أَنْزَلْنَا عَلَيْهَا الْمَاءَ اهْتَزَّتْ وَرَبَتْ وَأَنْبَتَتْ مِنْ كُلِّ زَوْجٍ بَهِيجٍ ] - الحج 5