Tempo de Execução (0,03485 segundos)
#608

Interpretation of ( Ghafir 52 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ У кунда золимларга маъзиратлари наф бермас. Уларга лаънат бўлғай ва уларга ёмон ҳовли жой бўлғай. (Иймон билан куфр орасидаги кураш бир шахс, бир авлод, бир замонга боғлиқ эмас. Балки бу кураш дунё бунёд бўлганидан бошлаб, қиёматгача давом этадиган курашдир. Бу кураш давомида турли ҳолатлар бўлиб ўтади. Иймон томонида турган баъзи кишиларнинг эътиқод йўлида шаҳид бўлишлари улкан нусрат бўлиши мумкин. Ҳозиргача бутун дунё қанчадан-қанча шаҳидларни мадҳ этиб, эҳтиром ила эслаб келмоқда, уларни шаҳид этган қотиллар эса, лаънатланмоқда. Қани, кўрайлик-чи, бу ерда нусрат шаҳидгами ё қотилга?! Баъзи бир шаҳидларнинг ўлими бутун бошли умматларни ғалабага чорлаган вақтлар ҳам бўлган. Демак, ўлимнинг ҳаммаси ҳам, хусусан иймон йўлидаги ўлим, мағлубият ҳисобланмайди. Иймон ва куфр орасидаги курашда нусрат кимга бўлиши тор ўлчовда эмас, балки кенг мезонлар билан ўлчанади. Иймоннинг қалбларда, ер юзида тантанаси учун инсоннинг ўзи саъйи-ҳаракат қилишини Аллоҳ шарт этган экан, Унинг йўлидаги қурбонлар, машаққатлар эришиладиган нусратнинг қийматини оширади, қадрини кўтаради. Ундан кейин, инсоният тарихидаги иймон билан куфр ўртасидаги курашнинг оралиқ натижаларига ҳам бир назар солайлик. Уларнинг ҳаммаси Пайғамбарлар ва мўминларга нусрат берилиши билан якун топганини кўрамиз.) ] - Interpretation of ( Ghafir 52 )

[ يَوْمَ لَا يَنْفَعُ الظَّالِمِينَ مَعْذِرَتُهُمْ وَلَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ ] - غافر 52

#609

Interpretation of ( Al-A'raf 143 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а. с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.) ] - Interpretation of ( Al-A'raf 143 )

[ وَلَمَّا جَاءَ مُوسَى لِمِيقَاتِنَا وَكَلَّمَهُ رَبُّهُ قَالَ رَبِّ أَرِنِي أَنْظُرْ إِلَيْكَ قَالَ لَنْ تَرَانِي وَلَكِنِ انْظُرْ إِلَى الْجَبَلِ فَإِنِ اسْتَقَرَّ مَكَانَهُ فَسَوْفَ تَرَانِي فَلَمَّا تَجَلَّى رَبُّهُ لِلْجَبَلِ جَعَلَهُ دَكًّا وَخَرَّ مُوسَى صَعِقًا فَلَمَّا أَفَاقَ قَالَ سُبْحَانَكَ تُبْتُ إِلَيْكَ وَأَنَا أَوَّلُ الْمُؤْمِنِينَ ] - الأعراف 143

#610

Interpretation of ( Al-Baqarah 234 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой-у ўн кун кутадилар. Муддатлари етганда ўзлари ҳақида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир. (Жоҳилият аҳлининг одатига биноан, эри ўлган хотиннинг устига эрининг қариндошларидан бири ридосини ташлаб қўйса, аёл бечора ўз-ўзидан ўша одамнинг мулкига айланиб қолар эди. Хоҳласа ҳалиги одам ўзи хотин қилар, хоҳласа, бошқа эрга бериб, маҳрини олар ёки умуман сотиб юборар эди. Ислом бу зулмни аёлнинг елкасидан кўтариб ташлади. Эри ўлган аёлнинг иддасини маълум муддатга чегаралаб қўйди: «тўрт ой-у ўн кун». Бунинг ҳикмати кўп. Аввало, бу муддат ичида раҳмининг (бачадоннинг) ҳомиладан бўш ёки бўш эмаслиги билинади. Иддалари чиққанидан кейин, аёллар шариат йўли билан ўзларига совчи кутсалар, айб эмас. Демак, эри ўлганидан тўрт ой-у ўн кун битгач, хотини ясаниб, пардоз қилиб, эрга тегиши учун совчи кутса, ўзининг иши, ҳеч кимга гуноҳ бўлмайди. Уни бу ишдан тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ. Шариатнинг ҳукми шу. Ҳаётда бундан бошқа ҳолларнинг учраб туриши эса, бидъат ёки хурофотдир. Хурофотдан сақланиш лозим. Чунки: «Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир». Иддада ўтирган аёлга нисбатан шариат кўрсатмаларидан бошқа йўл тутмаслик керак.) ] - Interpretation of ( Al-Baqarah 234 )

[ وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنْكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ فِيمَا فَعَلْنَ فِي أَنْفُسِهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ ] - البقرة 234

#601

Interpretation of ( Az-Zumar 6 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?! (Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни она қорнида уч зулмат ичида яратганининг хабарини бермоқда. Уч зулмат нима? Тафсирчи уламоларимиз бу саволга, уч зулматнинг бири ҳомилани ўраб турувчи парда, иккинчиси бачадон, учинчиси қорин, деб жавоб берганлар. Илмий тараққиёт бу жавобни яна ҳам аниқлаштирди. Мутахассис олимлар ўтказган текширишлардан ҳомилани ўраб турувчи парда уч қават экани маълум бўлди. Аллоҳ таолонинг: «оналарингиз қорнида уч зулмат ичида», дегани бежиз эмас экан. Қориннинг ичида уч зулмат, уч қават пардани яратган ким? Нима учун бир эмас, икки эмас ёки тўрт эмас, айнан уч қават? Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далил эмасми?) ] - Interpretation of ( Az-Zumar 6 )

[ خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ ثُمَّ جَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَأَنْزَلَ لَكُمْ مِنَ الْأَنْعَامِ ثَمَانِيَةَ أَزْوَاجٍ يَخْلُقُكُمْ فِي بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ خَلْقًا مِنْ بَعْدِ خَلْقٍ فِي ظُلُمَاتٍ ثَلَاثٍ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ فَأَنَّى تُصْرَفُونَ ] - الزمر 6

#602

Interpretation of ( Hud 7 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар. (Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару ерни олти кунда яратган зотдир. Бу ҳақда ўтган Юнус сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, Аллоҳнинг арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда: Демак, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган вақтда унинг арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг арши бор экан. Ўша пайтда бу арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни бехуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.) ] - Interpretation of ( Hud 7 )

[ وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ وَكَانَ عَرْشُهُ عَلَى الْمَاءِ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَلَئِنْ قُلْتَ إِنَّكُمْ مَبْعُوثُونَ مِنْ بَعْدِ الْمَوْتِ لَيَقُولَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ مُبِينٌ ] - هود 7

#603

Interpretation of ( Al-Baqarah 286 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам касбидан, зарари ҳам касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен ҳожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил. (Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди–яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сураи Бақаранинг икки оятини ўқи, улар менга аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар...) ] - Interpretation of ( Al-Baqarah 286 )

[ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لَا تُؤَاخِذْنَا إِنْ نَسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلَا تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلَا تُحَمِّلْنَا مَا لَا طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنْتَ مَوْلَانَا فَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ ] - البقرة 286

#604

Interpretation of ( An-Nisa' 100 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир. (Ушбу оятда ҳижрат қилишга тарғиб–қизиқтириш бор. Бу улуғ ишга кишиларни маънавий жиҳатдан тайёрлаш, кўнгилларига келиши мумкин бўлган баъзи хаёлларни кўтариш бор. Xижрат дину диёнатни деб ватанни тарк этишдир. Кишилар ўзларича, ватандан узоқда бўлган шахс хавф-хатарда қолади, ризқи рўзи қийилади, деган фикрда бўладилар. Бу эса, мусулмонликка ҳеч тўғри келмайдиган нотўғри фикрдир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон Ўзининг йўлида ҳижрат қилган бандасини чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Унга хавф-хатарлардан асрайдиган паноҳгоҳлар ато қилади ва ризқини кенг қилиб қўяди. Кўпгина кишилар ҳижратдан кейин олий даражаларга, кенг ризқларга эришгани тажрибадан маълум. Одамларни ҳижратдан тўсиб турадиган нарсалардан бири ўлимдан қўрқишдир. Аслида эса, аввал ўтган оятларда таъкидланганидек, ўлим жой танламайди. Вақти-соати етганда, муҳожир ҳам, муқим ҳам ўлаверади. Аммо у ўлим билан бу ўлимнинг фарқи бор. Муҳожирликда ўлишнинг бахтига нима етсин!) ] - Interpretation of ( An-Nisa' 100 )

[ وَمَنْ يُهَاجِرْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ يَجِدْ فِي الْأَرْضِ مُرَاغَمًا كَثِيرًا وَسَعَةً وَمَنْ يَخْرُجْ مِنْ بَيْتِهِ مُهَاجِرًا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ يُدْرِكْهُ الْمَوْتُ فَقَدْ وَقَعَ أَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا ] - النساء 100

#605

Interpretation of ( Al-Ma'idah 89 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Аллоҳ сизларни бехуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутар. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки шукр қилсангиз. (Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам боғланмоқда. Худдики, қасам бир ҳиссий нарсаю уни маҳкамлаш учун тугиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш–айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни, қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.) ] - Interpretation of ( Al-Ma'idah 89 )

[ لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُوا أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ ] - المائدة 89

#606

Interpretation of ( Al-An'am 133 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳиби бўлган зотдир. Агар хоҳласа, худди сизларни бошқа қавмлар зурриётидан пайдо қилганидек, сизларни кетказиб, ортингиздан нимани хоҳласа, ўринбосар қилиб келтирадир. (Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга Пайғамбарлари орқали дин–шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.) ] - Interpretation of ( Al-An'am 133 )

[ وَرَبُّكَ الْغَنِيُّ ذُو الرَّحْمَةِ إِنْ يَشَأْ يُذْهِبْكُمْ وَيَسْتَخْلِفْ مِنْ بَعْدِكُمْ مَا يَشَاءُ كَمَا أَنْشَأَكُمْ مِنْ ذُرِّيَّةِ قَوْمٍ آخَرِينَ ] - الأنعام 133

#607

Interpretation of ( Ghafir 78 ) in Uzbek by Muhammad Sodik Muhammad Yusuf - uz

[ Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик. Ҳеч Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Бас, қачонки Аллоҳнинг амри келганида, ҳақ ила ҳукм чиқарилур ва ўшанда ботил иш қилиб юргувчилар зиён тортурлар. (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в.) ва у зотнинг умматларига ўтган Пайғамбарлардан йигирма тўрттасининг қиссасини айтган. Ўша қиссаларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқилди. Уларнинг ҳаммасида кофирлар томонидан Пайғамбарларга (алайҳимуссалом) ва мўминларга турли озорлар берилгани, азоб-уқубатлар ёғдирилгани ҳақида турли маълумотларга эга ҳам бўлинди. Яна Қуръони Каримда қанчадан-қанча қиссалари келмаган Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ўтган бўлиб, улар ҳам қийинчилик, озор ва машаққатларга дучор бўлганлар. Пайғамбарлар ўз ҳолларича одамларга мўъжиза кўрсатиб, уларни лол қолдиришга уринган эмас. Чунки бу уларнинг иши эмас. Уларнинг иши Аллоҳнинг таълимотларини халққа етказишдир. Мўъжиза кўрсатиш эса, Аллоҳга хос ишдир. У зот Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган Пайғамбарига мўъжизани ва уни кўрсатиш изнини беради. Бошқа вақтларда Пайғамбарлар мўъжиза кўрсатиш ҳақида ташвиш қилишлари керак эмас.) ] - Interpretation of ( Ghafir 78 )

[ وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ مِنْهُمْ مَنْ قَصَصْنَا عَلَيْكَ وَمِنْهُمْ مَنْ لَمْ نَقْصُصْ عَلَيْكَ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَنْ يَأْتِيَ بِآيَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ فَإِذَا جَاءَ أَمْرُ اللَّهِ قُضِيَ بِالْحَقِّ وَخَسِرَ هُنَالِكَ الْمُبْطِلُونَ ] - غافر 78